Ҳайф сенларга, ҳайф!

Икки йил давомида устимиздан кулишди. Минг лаънат ҳаммасига!

Самвел Бабаян термани бир жойига тиқажаги ҳақида икки йил жаврадик. Тиқди мана, гўёки айтганларимиз тўғри чиққанидан керилмоғимиз керак. Бироқ шу кеча айтганларим қуруқ сафсата бўлиб, миллионлар олдида ер бўлиб қолсам ҳам, футболчиларни Жаҳон Чемпионатида кўришга рози бўлиб стадионга бордим. Бунда яхши бир футбол эмас, Бабаян қўйган циркни кўриб қайтдим.

Баъзида антиқаҳрамонларга ҳам ҳайкал қўйиш керак. Самвелжонга деярли шотир тушган дўстимизнинг айтганлари жўяли чиқиб қолди. Одамлар бир нима улоқтириб туриши, ҳар кўрганида тупуриб ўтиши учун ҳам ҳайкал керак чамамда. Бу одамга бошқа гапим йўқ. Унинг арази ҳам, гаплари ҳам, ишлари-ю, ўзигача бир тийин. Бу энди исбот талаб қилмас ҳақиқат.

Биз ҳозиргача қурган давлат ва жамиятнинг асл юзи ёрқинроқ кўринади кўзгуда. ОАВ, мухлислар, ўзга мутахассислар бош мураббийдан рози эмас, бироқ уларга жазо бўлсин учун Бабаян охиригача олиб қолинди. Масалан, Липпи бошиданоқ Хитойни бошқарганида, Бора Милутинович каби бемалол жамоасини мундиалга олиб чиқарди. Корея, Ўзбекистон, Қатарни енгадиган, Эрон билан бемалол дуранг ўйнайдиган жамоага асос сола билганди у. Демак, тузукроқ мутахассис вақтида олиб келинганида, сўнгги икки ўйинда балки Ўзбекистонни қутқариб қолиши мумкин эди. Раҳбарият эса Бабаянга охиригача имконият берди.Бу энди бизни “ўлдириш” эмас, ўлганнинг устига чиқиб тепиш эди. Омманинг фикри бир тийин футбол раҳбарларига, на каттаси, на кичиги чиқиб тушунтириш берди. Ҳар сафар матбуот хизмати бор босимни, тепкини ўзига олаверди, миллионларни санаб олаётган қоринбойлар эса офисидан четга чиқишга қўрқади ёки шунчаки истамайди, унга ҳеч нарса қила олмасликларига ишонади.

Исроил мухлисларга ҳурматсизлиги учун сардорини ҳайдади, Қатар мураббий алмаштирди, Корея шу ишни қилди, Хитой қилди, биз эса 5 та мағлубиятдан кейин ҳам латтанинг иси келиб турган йўлимизда мағрур давом этдик. Эссиз миллионлар, эссиз одамлар, ишқибозлар, футбол учун кўз ёш тўкканлар, мундиални кўрмай ўтиб кетганлар. 4-5 боқиманда ўз қарори билан ўзбек футболини ботқоққа ботирди. Энди ҳеч нарса бўлмагандек, кейинги ҳаётида давом этади.

Самвел, Сергеев 10 та ўйинда 1 та ҳам гол урмади. Мана шу учрашувлар ҳақи айт-чи, ҳеч бўлмаганда Хитой ёшлар лигасидан бўлса ҳам унга таклиф тушдими? Сариқ чақага арзимайдиган фалсафанг бўйича 10 миллионлик футболчиси бўлса, Хитой ёшлар лигаси ҳам кучли бўлиб қолади ва унинг ўйинчиси Ўзбекистон термасини Жаҳон Чемпионатига олиб чиқади. 40 ни уриб қўйган чоллар кучли бешликда тўп сурадиган футболчилардан тузилган жамоага гол уради? Олий Лиганинг “жаллод” футболчилари Корея футболчиларига ўйин бермайди, шунақами? Қанчалар аҳмоқ бўлиш керак бундай фикрлаш учун. Шундай фалсафанг учун ҳам ақалли плей-оффга илинмадинг. На Даврон Ҳошимовни сота олдинг, на Кримецни, на Шукуров ва на Лобановни. Хуллас, ҳеч нарсани уддалай олмадинг, ҳамманинг кўзида олдида шунчаки ҳеч ким бўлиб қолдинг.

Шундай ҳолатлар бўлади, терма жамоа мағлубияти учун мураббий танқид қилинади, аммо бу қадар нафратланилмайди. Бизни эса шунгача олиб келишди. Журналистлар овозини ТВдан ўчиришди, Бабаян ҳақида “Футбол шарҳи” ёки “Соккер клуб” гапира олмади, энг оммабоп футбол сайтини ёпиб қўйишди. Бабаян кўнглини тусаганича ишлади, истаганини ҳақорат қилди, истаганини олиб келди, сотди, олди, берди, хуллас, нима хоҳласа қилди. У нима қилаётганини ҳамма кўриб тургани ва шундан кейин ҳам ишдан олинмагани сиз-у бизнинг овозимиз ҳеч нарсани ҳал қилмаслигини билдиради. Булар футболни мухлисларсиз ҳам бемалол ўйнайверади. Шунчаки давлат уларни боқиб турса, кекиришларига замин яратиб турса бас. Миллионлар ва манфаатлар олдида ҳеч киммиз.

Бу Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг кучли таркиби деганди Бабаян. Ўшанда бу фикрига фақатгина 2 та ҳарф ишлатиладиган овоз билан жавоб қайтаргандик: “аҳаҳаҳаҳаҳа”. Бугун эса ҳарфлар сони 3 тага етди — “вуахахаха”. “Биз ўз ўйин услубимизни бутун Осиёга кўз қилдик” — кияхахахахаха… Биз горизонтал, вертикал, юқори прессингга асосланган, юксак дид билан ясатилган футбол ўйнадик — кулавериб ўлиб қоламан ҳозир, рост. Умримда бунчалик кулмаганман.

Ҳа, айтганча, бу кишимнинг доимий ялоқилари Эрон ва Сурия ўйини ҳалол ўтмаган деган иғвони илгари суриб юрганмуш. Эй, аҳмоқлар, бу 2015 йилги “Пахтакор” — “Металлург” ўйини эмас келишиб ўйналадиган. Бу бир қарич ери тинч турмаётган, йиллаб рўнолик кўрмаётган, ўз уйида, ўз мухлислари қаршисида ўйнамасада, мағлуб бўлишдан уяладиган жамоанинг зарбаси холос. Азбаройи футболларинг шунчалар сасиб кетганки, бутун дунёда ва барча иродали ўйинларда ҳам ўша сассиқликдан бошқасини кўра олмайсанлар. Ҳайф сенларга!

Manba: erudit-sport.uz

Theme Tweaker by Unreal