Ем бўлган «оқ бўрилар» ёхуд «Бабаян миссияси»нинг асосий фожиалари ҳақида

«Ё Жанубий Кореяни мағлуб этамиз ёки футболни йиғиштириб қўйиш керак!» Бу – одатда, саволларга оғир-босиқлик билан жавоб қайтарадиган Ўзбекистон термаси сардори Одил Аҳмедовнинг гапи.

Уни шундай дейишга Хитойдаги нурсиз ўйин мажбур қилди. Чунки ушбу муваффақиятсизликдан сўнг миллий жамоамиз жуда қийин аҳволда қолганди.

Бу ёғига ўз майдонимизда корейслар устидан ғалаба қозонишимиз (ҳозирги мураббий бошчилигида буни уддалаш реалликка зид эди) ёхуд «плей-офф»да қолиб кетиш хавф солган. Якунда эса ўзбекистонлик ишқибозлар иккисидан ҳам қуруқ қолишди.

Sports.ru сайтининг «Узбекская кухня» блоги айнан қаерда қандай хатоликларга йўл қўйилганини таҳлил қилишга уринди.

Ҳужум

ЖЧ-2018 саралашининг барча ўйинларида Ўзбекистон термасига ҳужумкорлик етишмади. Мисол учун, жорий йил расмий баҳсларда миллий жамоамиз атиги битта гол урган, ўшанда ҳам гуруҳнинг энг заиф иштирокчиси ҳисобланган қатарликлар дарвозаси ишғол қилинганди. Жадвалга назар ташласангиз, Ўзбекистон термасининг барчадан кам тўп киритганига гувоҳ бўласиз – 6та гол. Сурияликларда – 9та, Қатар ва Хитойда – 8тадан, Эрон ва Жанубий Корея ҳақида-ку гапириш шартмас.

Ўзбекистон термасида қуйидаги тактик схема қўлланилишига кўникдик. Асосий таркибда одатдагидек, ягона форвард ўйнаб, унга қанотдаги хавбеклар кўмаклашишди. Ҳаммаси бир хил сценарий остида кечди.

Ҳужумчи вазифасини эплолмайди ва унинг ўрнини ёши ўтиб қолган Александр Гейнрих эгаллайди. Мазкур ўзгаришдан сўнг олдинги чизиқда шиддат ва сифат пайдо бўлади, аммо ўз навбатида, тезлик йўқолади.

«Оқ бўрилар» фақат битта баҳсда икки форвард тактикасини танлашган, ўшанда ҳам бу қарор ўзини оқламаганди – Ўзбекистон Эронда мағлубиятга учради. Ўшанда ҳам майдон марказида Афонин-Аҳмедов-Ҳайдаров триоси ишлаганини инобатга олсак, бор эътибор ҳужумга қаратилмаганига гувоҳ бўламиз.

Етакчилик салоҳияти танқислиги

Бу терма, энг аввало, биринчи рақам остида ўйнолмаслиги билан ёдда қолди. Футболчиларимиз анчадан буён, аниқроғи, 2005 йилдан бери ирода кучини кўрсатишмаяпти. Ўшанда «Пахтакор» стадионида Қувайтнинг қандай таслим этилгани ёдингиздадир? Саралашнинг дастлабки ўйинлариёқ хавотир туғдирди. Сурия термасидан аранг 3 очко олинди, Қатар ўз уйида енгилди, фаворитларга қарши кечган икки учрашув эса корейс ва эронлик футболчиларга жиддий қаршилик кўрсатишга ҳали эрта эканини намоён қилди. Ж.Корея билан Тошкентда ўтган ўйинда ҳам Сон Хюн Мин етакчилигидаги терма вазиятни назорат қилиб, ярим куч билан тўп сурди.

Саралашнинг иккинчи босқичига назар ташласак, Ўзбекистон миллий жамоаси Баҳрайн, Филиппин ва КХДРга қарши ажойиб ўйинлар ўтказди. Аммо ўз уйида кечган баҳсларда кучсиз термаларни ҳам базўр мағлубиятга учратди. Қулай имкониятлар кўкка совурилди, ўйин суръатини оширишда оқсаш кузатилди.

Мураббийлар штаби

Юмшоқ қилиб айтганда, Ўзбекистон термаси тарихида катта омадсизликка учраган икки мураббий бўлган. 2000 йили Юрий Саркисян ва 2017 йили Самвел Бабаян.

21-асрнинг дастлабки йилларидаги муваффақиятсизликларни авлодлар алмашинувига йўядиган бўлсак, бу сафар тажриба, савия ва оддий ҳақиқатни англамаслик панд берди: бу – мураббийлик иши, менежмент эмас.

Таассуфки, Бабаян аввал-бошдан менежерга хос вазифаларни бажарди. Футболчиларни шуғуллантириш ўрнига, уларни пуллади. Хитой термасига қарши баҳсда майдонга тушган асосий таркибдаги футболчиларнинг деярли ярми унинг трансферлар бозоридаги иши маҳсули.

Айтишларича, айнан у Сергеевнинг «Пекин Гуоан»га, Жепаровнинг Эронга йўл олиши, Шомуродовнинг «Ростов» сафига қўшилишига бош-қош бўлган.

Бабаян фаолиятининг диққатга молик яна бир жиҳати шундаки, у матбуот билан яхши ишлади. Мураббийлик постини эгаллаган дастлабки кунларданоқ маҳаллий ОАВ вакилларини тўплаб, суҳбат ўтказди, Championat.com сайтига интервью берди.

Эътиборлиси, бундан 3 кун аввал «Чемпионат»да Элдор Шомуродов ҳақида мақола чиққанди.

Унда муаллиф футболчининг агентлик бўйича иш юритувчи ProSports Management билан шартнома имзолагани ҳақида сўз юритганди.

Мазкур компания вакилларидан бири Қаҳҳор Мўминов шахсан Шомуродовнинг «Ростов»га ўтишида воситачилик қилганди. Қизиғи, Элдор тўғрисидаги мақола ва Бабаян билан уюштирилган суҳбат муаллифи бир киши – Марк Бессонов.

Жисмоний ҳолат

Энг муҳим факторлардан яна бири – жисмоний тайёргарликнинг маромида эмаслиги. Ҳаттоки, ғалабали ўйинларнинг охирги дақиқаларида ҳам футболчиларда чарчоқ аломатлари сезилди ва бунинг оқибатида қулай имкониятлардан фойдалана билмаслик кўзга ташланди, сўнгги паллада голлар ўтказиб юборилди (гарчи уларнинг баъзиси пенальтидан урилган бўлса ҳам). Жорий йилнинг июль ойида жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий тайинланди. Ушбу вазифага «Анжи»да Гуус Хиддинк билан ишлаган Чима Онеке олиб келинди. Хўш, нега шу иш аввалроқ амалга оширилмади?

Айнан бемаврид чарчоқ туфайли Ўзбекистон термаси Сеулда кореяликларга имкониятни бой берди. Бир қарашда гуруҳимиз унчалик мураккаб эмасди. Ҳаттоки, «плей-офф»да қатнашиш ҳуқуқи қўлга киритилганида ҳам бир нави эди.

Аммо Ўзбекистонда ҳам футбол борлигини намойиш этиш вақти ҳали келмаган кўринади. Ҳаммадан кўра, Жанубий Корея термасига қарши баҳс якунида кўзига ёш олган Одил Аҳмедовга ачинамиз, ахир бу унинг жаҳон чемпионатига чиқиш йўлидаги сўнгги имконияти эди.

Евдоким РАИМОВ

 

Манба: www.interfutbol.uz

Theme Tweaker by Unreal