Холисликни қачон ўрганамиз ёхуд “Барселона”нинг ўйинида “Барселона”га мухлислик қилган шарҳловчи

Албатта, бўм-бўш “Камп Ноу”да ўтказилган ўйин ёдингиздан чиқмади ҳали. “Барселона” илк бор бўм-бўш стадионда ўйин ўтказди. Мени эса мазкур ўйиннинг бошқа жиҳати эътиборимни тортди. Яъни ўша ўйинни футбол тв каналида шарҳлаган шарҳловчининг шарҳ давомида ўзини тутишию нопрофессионаллиги ҳайрон қолдирди. Очиғи, шарҳловчининг “Барселона”га очиқдан-очиқ мухлислик қилганини кўриб, ҳайрон қолдим. Тўғри, шу пайтгача айрим шарҳловчиларнинг баъзи гапларию ўзини тутишидан беихтиёр сезиб қолгандирсиз бирор клубга ишқибоз эканлигини. Масалан, кўпчилик Даврон Файзиевнинг “Реал”га мухлислик қилишини гапиради, аммо Даврон аканинг ёки бошқа шарҳловчининг ўзи шарҳлаётган ўйинда бирор бир клубга яққол мухлислик қилганини кўрмаганман. Аммо “Барселона” — “Лас-Пальмас” ўйинида бу ҳолатнинг тескариси кузатилди.

Шарҳловчи ўйин давомида “Барселона”нинг пассив ўйнаётганига роса қайғурди, очиғи, биринчи бўлимда ростдан ҳам “Лас-Пальмас” яхшироқ ўйнаганди. Шарҳловчи эса бу ҳолатга “Барселона” томондан ёндашди, “Барселона” тезроқ ўзига келмаса, очкр йўқотиши, бу эса жамоага зарар бўлиши тўғрисида роса жон койитди, бироқ “Лас-Пальмас” ғалаба қозонса, нима бўлиши, жамоа неччинчи ўринга кўтарилиши, “Лас-Пальмас”нинг ғалаба қозониши учун вазиятлардан самарали фойдаланиши кераклиги борасида деярли гапиргани йўқ. Токи “Барселона” гол ургунча унинг яхшироқ ўйнаши кераклигини таъкидлайверди. Яна бир жиҳат, биринчи бўлимда “Лас-Пальмас” “Барселона”дан устунлик қилди, бу “Лас-Пальмас”нинг ажойиб ўйини эвазига бўлди, аммо шарҳловчи томонидан мазкур ҳолат “Барселона” фойдасига салбий муҳокама қилинди.

Энди яна бир ҳолат. “Барселона” ҳисобни очгач, вазият яна ўша-ўша бўлиб қолаверди. Яъни Каталония клуби ҳисобни очганидан кейин бироз сустлашди. “Лас-Пальмас” фаоллашди. Ана шунда шарҳловчи бу жуда хунук ҳолат эканлигини, агар “Барселона” шундай ўйнайверса, қайсидир ўйинга ўхшаб (очиғи, қайси ўйинлигини эслолмадим) яна гол ўтказиб юборишини айтаверди. Ваҳоланки, бу шарҳловчи томонидан “Лас-Пальмас”га нисбатан нохолислик эмасми? “Лас-Пальмас” учун ҳали вақт бор эканлиги, жамоа яхшироқ ҳаракат қилса, ҳисобни тенглаштира олиши ҳақида гапириш керак эмасмиди “Барселона”нинг ёнини олиш билан бирга. Ахир шарҳловчи холис бўлиши керак-ку!

Мен бу билан мазкур ўйинни шарҳлаган шарҳловчининг меҳнатини тўлиқ ёмонга чиқармоқчи эмасман, асло! Бу шарҳловчининг олдинги шарҳларини эшитганман, ёмон эмас. Эҳтимол, кечаги ўйинда биз танқид қилган ҳолатлар шарҳловчининг ўзига сезилмагандир. Умид қиламизки, кейинги сафар бундай ҳолатлар кузатилмайди.

 

Theme Tweaker by Unreal