Машъум 11:1 ҳисоби: “Барселона” “Реал”га мажбуран ютқазиб берганми?

Айни пайтда азалий тўқнашув ҳисобланмиш “эл-класико”нинг ўзига хос тарихи кўпчиликни қизиқтиради. Айниқса, икки жамоа ўртасидаги йирик ҳисобдаги натижалар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Бугун эътиборингизга ана шундай натижалардан бири — 1943 йилда қайд этилган 11:1 ҳисоби ҳақидаги тахмину мулоҳазаларни ҳавола этамиз.

1943 йилнинг 13 июнида “Чамартин” стадионида Генералиссимус Кубоги (ҳозирги Қирол Кубоги) ярим финалининг жавоб учрашуви бўлиб ўтади. Мазкур ўйинда Мадриднинг “Реал” клуби “Барселона” дарвозасига нақ 11 та тўп киритди. Меҳмонлар эса атиги битта гол уришди. Ваҳоланки, биринчи ўйинда Каталония клуби “Реал”ни 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратганди. Икки ўйин натижасига кўра эса “қироллик клуби” финалга чиқди.

Шу куни мадридликлар исталган усулда гол уришди. Биринчи бўлим 8:0 ҳисобида якунланди, 15 дақиқа ичида (30-44-дақиқалар ичида) “Реал” 7 та гол киритди. Баринага покер қайд этди, Прумен хет-трикни расмийлаштирди. Аммо шу ўринда савол туғилади, биринчи ўйинда рақибини 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган клуб иккинчи ўйинда худди шу рақибга қандай қилиб 11:1 ҳисобида ютқазиши мумкин? Бу саволнинг турлича жавоблари мавжуд.

Биринчи тахмин

Ўйиндан олдин “Барселона”нинг кийим алмаштириш хонасига Испания хавфсизлик хизмати ходимлари ходимлари кириб келишади ва каталонияликларга қурол ўқталишади. Сўнг улар билан тақиқланган тилда (бу пайтда Каталония тили тақиқланганди) суҳбатлашиб, бугунги ўйинда “улар сахийлик қилишса”, гуноҳларидан ўтишларини айтишади. Оқибатда меҳмонлар шу куни ўз дарвозаларини рақибларига очиб беришади.

Иккинчи тахмин

Биринчи бўлимдан кейин, ҳисоб “Реал” фойдасига 1:0 бўлиб турганида “Барселона” ва Мадрид полицияси ўртасида музокара бўлади. Қуролланган полиция вакиллари яна ўша тақиқланган тилда агар “Реал” финалга чиқмаса, “Барселона” футболчиларининг оилалари ҳаёти хавф остида қолишини таъкидлашган.

Учинчи тахмин

Биринчи бўлимдан кейин, яъни ҳисоб 8:0 бўлиб турганида каталониялик футболчилар иккинчи бўлимда майдонга тушмасликка қарор қилишган. Бироқ бош ҳакам полиция ходимлари билан бирга каталонияликларнинг кийим алмаштириш хонасига келиб, жамоа бу ҳақда ҳатто ўйламаслиги кераклигини уқтирган.

Тўртинчи тахмин

Ўйиндан олдин бош ҳакам “Барселона” футболчилари билан учрашиб, жавоб ўйинида “Реал” исталган ҳисобда ғалаба қозониши кераклигини уқтириб, бунга қарши ҳаракат қилмаслик кераклигини уқтирган. Ҳакам биринчи бўлимда каталонияликларнинг голини инобатга олмагач ва “Барселона” футболчиларидан бирини майдондан четлатгач, меҳмонлар иккинчи бўлимда майдонда чиқмасликка қарор қилишган. Бироқ испан полицияси меҳмонларнинг кийим алмаштириш хонасига кириб, ультиматум қўйган: “агар ўйин давом эттирилмаса, барча каталониялик футболчилар қамоқхонага жўнатилади”.

Бешинчи тахмин

Ўйин бошланишидан олдин меҳмонларнинг кийим алмаштириш хонасига полиция отряди ташриф буюради ва футболчилар билан бўлган каталонча суҳбатда бу ўйинда ортиқча куч сарфламасликни ва журъат кўрсатмасликни тайинлайди.

Эҳтимол, мазкур ҳисоб борасида яна кўплаб тахминлар бўлиши мумкин, аммо Испания ҳукумати мавжуд ҳолатни фақат биргина фикр билан изоҳлайди — каталониялик мамлакатдаги мавжуд тузумга босим ўтказишгани учун шундай бўлди. Испания ҳукуматининг фикрича, юқоридаги барча тахминлар, умуман, 11:1 ҳисоби борасидаги барча фаразлар “Барселона” мухлислари томонидан тўқиб чиқарилган.

“Барселона” мухлисларининг фикрича, “Реал” ва “Барселона” тўқнашганда бевосита сиёсат биринчи ўринга чиқади. Шунинг учун ҳам каталонияликлар доим Испания қироллиги таркибидан ажралиб чиқиб, алоҳида давлат тузишни орзу қилишган. Ўша пайтда мамлакатда диктатура ўрнатган Франсиско Франко эса “Реал”ни яхши кўрган, “Барселона”дан нафратланган. Бу қараш Испанияда ҳозир ҳам сақланиб қолган.

Ишончли маълумотларга қараганда, Каталониянинг «Камп де Лас Кортс» стадионида бўлиб ўтган биринчи ўйин 3:0 ҳисобида якунланган. Шу куни “Барселона” мухлислари “Реал” футболчилари ва ишқибозлари учун Каталонияни чинакам дўзахга айлантиришган. Ўйиннинг эртаси куни Мадрид нашрларидан бири бўлмиш «Ya» газетаси қуйидаги фикрларни чоп этади: “Ўйин давомида каталониялик безорилар тинимсиз ҳақоратомуз фикрлар билдиришди ва ҳуштаклар чалишди”. Улар бу билан Франсиско Франконинг баскларни автоном қилгани ва каталонияликлар тилини тақиқлаганига қарши норозиликларини ифода этишади.

Иккинчи ўйинда эса уйда ким хўжайин эканлигини кўрсатиб қўйиш керак эди: стадионга ташриф буюрган ҳар бир “Реал” мухлисига текин ҳуштаклар тарқатилди. Негалигини фаҳмлаб улгургандирсиз. Табиийки, Каталониядаги воқеаларни кўрган ва эшитган мухлислар қўл қовуштириб тура олишмасди, оқибатда ўзаро низолар авж олиб кетди ва ҳали ҳам давом этмоқда.

Хўш, юқоридаги тахминларга мадридлик мухлислар қандай муносабат билдиришади? Уларнинг фикрича, бу фикрлар мутлақо асоссиз, чунки…

Биринчидан, полиция ёки умуман, ҳеч ким ўша пайтда тақиқланган тилда (каталонча тилда) суҳбатлаша олмаган, чунки бу қонунан тақиқланган.

Иккинчидан, “Реал”ни қирол Франко ҳимоя қилган деган фикр мутлақо асоссиз. Чунки “Реал” 1946 йилгача ички чемпионатда Испания кубогини қўлга киритишга қийналган. Испания чемпионлигини эса 1954 йилдагина тантана қилган. Ваҳоланки, “Реал”нинг бу омадсиз даврида “Барселона” 5 марта мамлакат чемпионлигини ва 4 марта Испания кубоги ғолиблигини нишонлаган. Мухлисларнинг фикрича, агар Франко “Реал”ни қўллаб-қувватлаганида, “Барселона” бунчалик кўп ютуққа эриша олмасди.

Учинчидан, мадридлик мухлислар қуйидаги фикрни ҳам илгари суришади: Кубок ярим финалида “Барселона”ни ютқазишга мажбур қилган Франко финалда “Атлетик”ка ҳам бемалол тазйиқ ўтказа оларди. Хўш, унда нега Кубок финалида “Реал” “Атлетик”ка 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди? Ҳуштаклар борасида эса мадридлик мухлислар қуйидагича фикрни билдиришган: улар бу ҳуштакларни каталониялик мухлислар билан келишган ҳолда тарқатишган. Шунингдек, улар «Камп де Лас Кортсе» стадионида ўтган биринчи ўйин ҳақида шундай фикрни илгари суришади: ҳакам мазкур ўйинда “Барселона”нинг иккита нотўғри голини ҳисобга олган ва “Реал”нинг биринчи бўлим охирларида киритган тўпини инобатга олмаган (ҳакам бу вазиятда тўп ҳуштак чалингандан кейин киритилди, деб ҳисоблаган).

 

Theme Tweaker by Unreal