Жасурбек Иброҳимовнинг иши: воқеалар саҳнасидан Габриэлла “кетиб”, Земфира “пайдо бўлди”!

Айни дақиқаларда Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судида навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтмоқда…

Аввалроқ Жасурбек Иброҳимовнинг иши бўйича гувоҳ сифатида қидирилаётган ҳайдовчи, бундан ташқари, суд мажлисига гувоҳ чақиртирилиб, гувоҳлик берган паркентлик уста Темиров Мираброр Хусановичнинг берган гувоҳликлари юзасидан маълумотлар берган эдик.

Суд мажлисида…

Адвокат Абдуллаев воқеалар гувоҳи — Дилшод ва Жасурбек Иброҳимов ўртасидаги конфликтда иштирок этган Фирдавс Фарҳодзодани гувоҳ сифатида таклиф қилишни сўради.

Суд изн бергач, гувоҳ суд минбаридан туриб гувоҳлик беришни бошлади.

Фирдавс Фарҳодзода Дилшоднинг синглиси Земфирага Жасурбек “гап отиб юргани”ни айтди.

Воқеалар ривожида Земфира исмли қизнинг пайдо бўлиши, аниқроғи марҳум Жасурбекнинг иккинчи бир қизга ҳам “гап отгани” — жўн бир саволга олиб келади.

Энди аввалги Габриэлла ким экани, жанжал айнан унга “отилган гап” юзасидан келиб чиққани савол остида қолмоқда…

Фирдавснинг гувоҳлик беришича, Исломбек орқадан келиб “Жасур касал!” деб бақирган ва унинг устидан масхара оҳангида кулган.

Дилшод эса бунга аҳамият бермай икки орани очиқ қилишни, яъни ўзи ва Жасурбек билан “суҳбатини” давом эттирган. Шу орада Исломбек ҳаммага эшиттириб икки марта Жасурбекни “болной” деб атаган.

Фирдавс Фарҳодзоданинг айтишича, Жасурбек ва Исломбек ўртасида биринчи курсда ҳам “келишмовчилик” содир бўлган ва Жасурбек жароҳати борлиги туфайли у билан урушмаслигини, аниқроғи яккама-якка муштлашувда ҳозирча “орани очиқ қилмаслиги”ни билдирган.

Суд жараёнидаги гувоҳликларни эшита туриб, ўсмир ёшларнинг бир-бирига бўлган муносабати бу қадар “ўткир қиррали” ва чалкаш бўлганидан ёқа ушлайсан киши…

Фирки ожизимизча, ўспирин йигитга унинг бетоблиги сабаб “муштлашув”га тайёр эмаслиги бот-бот, яна барча дўстларининг гувоҳлигида айтилавериши — марҳумнинг нафсониятига қаттиқ теккан бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Суд мажлисида гувоҳлар томонидан айтилаётган сўзларга эътибор беринг…

Жасурбекнинг дўсти бўлган Фирдавс Габриэлла деган исмни эшитмаганини айтиб, Дилшод ва Жасурбек ўртасидаги комфликт Земфира исмли қизнинг устидан келиб чиққанини айтди.

Эслатиб ўтамиз, Дилшод бундан аввалроқ Габриэлла деб кўрсатма берган эди.

Аввалроқ, Тошкент шаҳрида жойлашган П.Ф.Боровский номидаги тиббиёт коллежи ўқувчиси Жасурбек Иброҳимовнинг вафот этиши билан боғлиқ воқеа юзасидан ўша пайтдаги коллеж директори Лутфи Йўлдошевна Юсупова интервью берган эди.

Собиқ директорнинг айтишича, Жасурбек ва Исломбек ўртасидаги биринчи тортишув 2 май куни юзага келган, 3 май куни эса улар ўртасида муштлашув келиб чиққан.

Ўқувчилар: Жасурбек, Исломбек, Темур, Ҳурматбек, Ўлмас, Бекзод ва Темур коллеждан ташқарига чиқиб кетишган.

Эътибор беринг, бу ерда Дилшод ва Фирдавс исмлари тилга олинмаган.
Manba: qalampir

Theme Tweaker by Unreal