Фарғоналик тадбиркор ҳаж ибодатига аталган маблағини маҳаллага сув чиқаришга сарфлади

Буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий ўзининг “Маҳбуб ул-қулуб” асарида саҳоват ва ҳиммат бобида фикр юритар экан, саховатни инсоният боғининг мевали дарахтига ўхшатади, одамийлик мамлакатининг мавжли уммонига, бу уммоннинг бебаҳо гавҳарига қиёс қилади.

Орамизда ана шундай гавҳарга қиёс этгулик инсонлар кўплаб топилади. Улардан бири Бештерак маҳалла фуқаролар йиғинининг Ўрта қишлоғида истиқомат қилувчи саҳоватли ва олижаноб инсон Мамарасул ака Камоловдир. Мамарасул ака курсдоши Мунаввара опа Азизова билан турмуш қуриб, 3 қиз 1 ўғилни тарбияли ва зиёли қилиб камолга етказдилар. Уч қиз – Феруза, Дилфуза ва Эътибор ўқитувчилик касбини ардоқлаб, элу халқ орасида ҳурмат топганлардан, ёлғиз ўғли Фозилжон таржимон. Шу билан биргаликда бу тиниб-тинчимас, меҳнаткаш ўғил кабель ишлаб чиқарувчи “Best desidn wire and”  МЧЖ нинг директори бўлиб фаолият юритади.

Мамарасул ака узоқ йиллар инженер қурувчи бўлиб ишлаб, нафақага чиққан. Турмуш ўртоғи Мунаввара опа эса ширинсўз ва хушмуомала боғча мудираси сифатида ҳурмат топганлардан. Бу оилани саҳоватпеша ва олиҳиммат дейишга далиллар етарли. Маҳаллада кам даромадли оилаларга доимо қўлдан келганча мурувватини кўрсатиб келадилар. Бундан ташқари мактаб ва болалар боғчаларининг мунтазам ҳомийларидан. Улар қўшимча даромад олиб, турмуш фаровонлигини ошириш  мақсадида томорқасининг 2 сотих ерида 30 йилдан буён лола гул етиштириб келади. Шунингдек, намунали оила аъзолари асаларичилик билан ҳам шуғулланадилар.

Меҳнат билан ҳалол пул топган Мамарасал ака ва Мунаввара опа Муборак Ҳаж сафари учун йиллар давомида  44 миллион сўм маблағ йиғдилар.

Ўртақишлоқ аҳолиси бир неча йиллардан буён ичимлик сувини қўшни Манғит қишлоғидан ташиб келарди. Қолаверса, 26-мактаб ва 7-мактабгача тарбия муассасаси жамоаси ичимлик суви муаммосидан жуда қийналарди. Буни кўрган Мамарасул ака ва Мунаввара опалар маслаҳатлашиб, Ҳаж ибодатига бориш учун йиққан маблағларини сув қудуғи қазиб, минорасини ўрнатишга сарфладилар.

Яқинда бу саховатпеша оила бутун қишлоқ аҳлини чақириб, қишлоқларидан ичимлик суви чиққани муносабати  билан хайрия оши тарқатдилар. Унда туман фаоллари ҳам иштирок этишиб, олийҳиммат Мамарасул акага ва унинг оила аъзоларига миннатдорчилик билдирдилар.

Ҳакимларнинг айтишича, яхшиликнинг асоси уч нарсада: биринчиси-барчага нисбатан риёсиз камтарликда, иккинчиси-миннатсиз саховатда, учинчиси-ҳақ талаб қилинмайдиган хизматда.

Мамарасул ака ўзининг риёсиз камтарлик, миннатсиз саҳовати билан Ўрта қишлоқ аҳолисининг умрбод ёдидан чиқмайдиган яхшилик қилди.

Ҳимматингизга балли, Мамарасул ака!

Азизахон СОЛИЕВА

“Бувайда кўзгуси” газетаси бош муҳаррири

(расм интернетдан олинган)

Manba: sof.uz

Theme Tweaker by Unreal