АҚШ Анқарадан туриб бошқариляптими?

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон АҚШ билан юзага келган дипломатик келишмовчиликка муносабат билдирди, дея хабар бермоқда Анадўлу агентлиги.

Ражаб Тоййиб Эрдўғон Анқарада бўлиб ўтган вилоят раҳбарлари билан йиғилишда АҚҲСни стратегик ҳамкор деб атаган. Туркия раҳбарининг фикрча, Вашингтон билан муносабатлар «сурбет» элчи туфайли барҳам топмаслиги керак. Президент иккала мамлакат ўртасида юзага келган совуқчилик учун АҚШнинг Туркиядаги элчиси Жон Бассни айблаган.

“Очиқ-ойдин айтмоқчиманки, бу ерда келишмовчиликни келтириб чиқарган элчи (АҚШнинг Туркиядаги элчиси Жон Басс назарда тутилмоқда) бўлади. Сурбет элчини деб Туркиянинг стратегик ҳамкорлигини қурбон қилиш АҚШ учун номаъқул ишдир. Биз бунга рози бўла олмаймиз”, – деб айтган Эрдўғон ўз нутқида.

Туркия раҳбарининг фикрича, Оқ уйдаги ҳокимият Анқарадаги элчининг қўлида бўлиши АҚШ учун шармандалик ҳисобланади. “АҚШдек мамлакатни Анқарадаги элчи бошқараётгани шармандалик! Улар элчининг тарафини олишмоқда. Улар элчига «Стратегик иттифоқчимизга бундай муносабатда бўлмаслигинг керак. Бундай қилмаслигинг керак», дейишлари керак эди. Аммо улар буни айта олишмади”, – деб айтган президент Эрдўғон.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада АҚШ элчихонаси Туркия фуқароларига ноиммиграцион визалар беришни тўхтатган эди. Бундай қарор қабул қилинишига Истанбулдаги консуллик ходими, туркиялик Метин Топузнинг Фатҳуллоҳ Гуленга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олиниши сабаб бўлган.

Бу воқеа Туркия ва АҚШ ўртасида бир йилдан ортиқ вақтдан бери давом этаётган дипломатик инқирознинг чўққиси бўлган. Туркия ҳукумати ўтган йилнинг 15 июль куни амалга оширишга уринилган давлат тўнтариши учун АҚШда истиқомат қиладиган Фатҳуллоҳ Гуленни айбламоқда. АҚШ томони эса етарли далиллар йўқлиги туфайли Фатҳуллоҳ Гуленни Туркияга эришдан бош тортган.

Manba: sof.uz

Theme Tweaker by Unreal